Контакты
2022-йилнинг 8-10-ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида уруғлик картошкани етиштириш ва сертификатлаштириш бўйича тренинглар ҳамда семинарлар ўтказилди. Тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФAО) қўшма лойиҳаси доирасида ташкил етилган. Тренинглар мавзуси “COVID-19"га жавобан картошкачилик секторини тиклаш ва ривожлантириш” бўлиб, уларни ФAОнинг картошка уруғчилиги бўйича халқаро експерти Меҳмет Эмин Чалишкан (Туркия) олиб борди.
Ушбу тренингларда жами 30 га яқин мутахассислар, жумладан, "Агросаноат мажмуида хизматлар кўрсатиш маркази" ДУК мутахассислари иштирок этдилар.
Машғулотлар давомида картошкани кўпайтириш ва сифатли уруғлик картошка экишнинг афзалликлари, уруғлик картошка етиштиришга қўйиладиган умумий талаблар ва бошқа муҳим жиҳатлар кўриб чиқилди. Мутахассис иштирокчиларга экиш учун жой танлаш, алмашлаб экиш, экишни бошқа экинлардан изоляциялаш, экиш зичлиги каби муҳим жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда далага картошка уруғини экишнинг ўзига хос хусусиятларини тушунтириб берди. Тренингда сув ресурслари ва ўғитлардан фойдаланиш, бегона ўтлар, зараркунандалар ва касалликларга қарши курашиш усулларини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилди.
"Семинардан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистонда картошка етиштириш имкониятлари ва хавф-хатарларини умумлаштириб таҳлил қилишдан иборат. Умид қиламизки, тренинг ва семинардан сўнг биз Ўзбекистонда картошка уруғчилигини ривожлантириш дастурини яратиш учун қимматли маълумотларни оламиз”, — деди ФAОнинг картошка уруғчилиги бўйича халқаро эксперти Меҳмет Эмин Чалишкан.
Маълумот учун
Коронавирус пандемиясининг картошка етиштиришга ва мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигига салбий таъсирига қарши курашиш мақсадида Ўзбекистонда 2021-йилдан буён Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда ФAОнинг “COVID-19га жавобан картошкачилик секторини тиклаш ва ривожлантириш” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳа Ўзбекистонда юқори, барқарор ва сифатли ҳосил етиштириш орқали картошка соҳасининг маҳсулдорлик салоҳиятини оширишга қаратилган. Картошка навларини рўйхатга олиш ва уруғлик сертификати тизимини такомиллаштириш, картошка етиштиришни модернизация қилиш, касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилиш, маҳсулотларни сақлаш шароитларини яхшилаш бўйича илмий-тадқиқот ишларини такомиллаштириш, шунингдек, ушбу соҳада фаолият юритувчи фермерлар, агрономлар ҳамда бошқа мутахассисларни тайёрлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Манба: www.agro.uz
Опрос
Контакты
Форма обратной связи