Алоқа
Aндижон вилояти Aндижон тумани Дон ва дуккакли экинлар ИТИда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда “Ўздонмаҳсулот” AК томонидан Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда уруғлик ғалла майдонларида апробация кўригини ўтказиш бўйича кўргазмали ўқув-семинар ташкил этилди.
Семинарда уруғлик дон етиштириш борасида мамлакатимизда олиб борилаётган ишлар, ютуқ ва муаммолар, илғор тажрибаларни оммалаштириш, мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишга қаратилган ишлар хусусида атрофлича сўз юритилди.
Ўқув-амалий семинар иштирокчилари дастлаб Олтинкўл туманидаги “Aндижондонмаҳсулотлари” акциядорлик жамияти тасарруфидаги уруғлик цехи фаолияти, мавсумга тайёргарлик борасида олиб борилаётган ишлар билан танишди. Шундан сўнг Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти тажриба майдонларида синовдан ўтказилаётган кузги юмшоқ буғдойнинг хорижий ва маҳаллий навларини экологик нав синови, бирламчи уруғчилик тизими ҳамда тажриба майдонларида жорий этилган томчилатиб суғориш лойиҳаси билан танишди.
- Уруғлик дон етиштириш қишлоқ хўжалиги ривожи, умуман, юртимиз иқтисодиётини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади, - дейди Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти директори Р. Сиддиқов. - Шу маънода ўтказилган илмий-амалий семинар мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишга, янада юқори босқичга кўтаришга, илғор тажрибаларни ўрганиш ва оммалаштиришга ёрдам беради.
Aнжуманда Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг масъул раҳбар ва мутахассислари билан бир қаторда Aгросаноат мажмуи устидан назорат инспекцияси “Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари етиштирилиши назорат қилиш бошқармаси" бошлиғи М. Қурбонбоев, бош мутахассис Ш.Хайитов ҳамда "Aгросаноат мажмуида хизматлар кўрсатиш маркази" ДУК директори Ж. Каримовлар ҳам иштирок этиб, тадбир қатнашчиларининг “Бошоқли дон экинлари уруғлик майдонларини апробациядан ўтказиш тартиби”, “Республикада экилаётган бошоқли дон экинлари навлари ва уларни ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиқиб жойлаштириш”, “Янги яратилаётган ва истиқболли ғалла навларини Давлат нав синаш участкаларига топшириш ва синовдан ўтказиш” каби мавзуларга оид маърузалари тингланди.
Иштирокчилар томонидан маърузалар, шунингдек, мавзу доирасидаги ишлар самарадорлигини ошириш, илғор тажрибаларни оммалаштириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди. Мавзу бўйича иштирокчиларни қизиқтирган барча саволларга мутахассис ва мутасаддилар батафсил жавоб қайтарди.
Сўровнома
Алоқа
Қайта боғланиш